“Икки йил аввал соғлиғимда бироз муаммо пайдо бўлди. Шифокорлар дастгоҳларда ишлашимни ман этишди. Катта қизим Ҳулкарга ҳолатни айтдим. У мени дарҳол тушунди. “Дадажон, сиз хавотир олманг, дамингизни олинг, бизга йўл-йўриқ кўрсатиб турсангиз бас, барчасини ўзимиз эплаймиз”, деди у. Барака топишсин, ҳозир буюртмаларнинг ҳаммасини ўзлари уддалашяпти. Шаҳардан тахта олиб келишдан тортиб, ҳисоб-китоб ишларигача ўзлари эплашяпти”, –дейди Нормуҳаммад ака.

– Аслида бу касб мен учун ота мерос бўлиб, ундан воз кечолмайман. 5 қиз, бир ўғлим бор. Ўғлим кичкина бўлгани учун ҳунаримни ҳозир қизларим давом эттиришяпти. Улар бир-бирига жуда меҳрибон. Ўз вазифаларини қунт билан бажаришади. Ишга жону дили билан киришиб, охирига етказмагунча тиним билишмайди. Ҳулкарда ижодий ёндашув кучли. У ясаган қутичалари, сувенирларини ўзи дизайнерлик қилиб безайди. Гавҳар эса рўзғорда ишлатиладиган ўқлов, жўва, хонтахта учун қуббали оёқлар ясайди. Камола хонтахта ясашни маромига етказади, – дейди фахр билан ота.


Тошкент вилояти ҳокимлиги ахборот хизматининг маълум қилишича, дурадгор қизлар оиласи ҳозирча керакли асбоб-ускуналар ва дастгоҳлар харид қилишган, беш турдаги хилма хил дастгоҳларни моҳирлик билан бошқаришяпти. Бу йил устахонани кенгайтиришни режа қилишган.











