
Тадбир давомида «бир неча йиллар аввал қурилган намунали лойиҳадаги уйларни фақат юқори маош олган ишчи-хизматчилар олишга қурби етар эди. Бугунги кунда арзон уй-жойлар, дея давлат дастури асосида уйлар қурилмоқда. Бугун ўша арзон дейилган уйларни ҳақиқатдан ҳам уйга муҳтож бўлган киши харид қила оляптими? Арзон ва янги намунадаги уйларнинг нархи қанча», - деган савол бўлди.
«Бугунги кунга барчамиз тўғри кўз билан қарашимиз керак. Иқтисодиёт эркинлаштирилди. Давлат томонидан нархи ушлаб турилган цемент, металл ва бошқа қурилиш материаллари эркин нархда. Бугун қурилаётган арзон уй-жойларнинг таннархини оладиган бўлсак, қурувчиларнинг даромади нол атрофида. Шаҳарқурилишинвест қураётган уйлар нархининг пасайтирилиши ҳам бунга таъсир кўрсатди ва улар учма-уч чиқмоқда. Нархни бундай пасайтириб бўлмайди.
Бекобод металл комбинатида металлолом деярли йўқ, Россиядан келаётган хом-ашё ҳисобига ишлаяпти. Бу ҳолатда нархни қандай тушириш мумкин? Ҳар бир ресурс, амалга оширилаётган ишлар назоратда. Катта даромад топяпти, деб ўйламанг. Йўқ ундай даромад», - деди Қурилиш вазири ўринбосари.

«Қишлоққурилишинвест» вакили арзон уй-жойлар нархи шакллантирилишига доир маълумотлар билан ўртоқлашиб, жумладан шундай деди:
«Арзон уй-жойлар нархи таннархга боғланган. Пудратчилар солиқ имтиёзлари ва бошқа имтиёзлардан даромад қилиши мумкин холос. Шу билан бирга, бугунги кунда арзон уй-жойлар учун бошланғич бадал 10 фоиз қилиб белгиланган. Бу ҳам уйга муҳтож кам таъминланган оилалар учун имконият беради. Улар бошида қандай нархланган бўлса, охиригача нархи ўзгармайди», - дея ойдинлик киритди «Қишлоққурилишинвест» вакили.










