Ўзбекистон Республикаси президенти “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури тўғрисида”ги фармонни имзолади.
Ҳужжат билан Ўзбекистон Республикаси Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда 2019 йил 1 июнга қадар ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда, биринчи навбатда, инвестиция жалб этиш учун устувор йўналишларни назарда тутувчи Ўзбекистон Республикасининг ўрта муддатли истиқболдаги инвестиция сиёсати стратегияси ишлаб чиқилишини таъминлайди.
Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ташқи савдо вазирлиги, Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда бир ҳафта муддатда 2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар – устувор ҳамкорлар билан савдо-иқтисодий, инвестиция, маданий-гуманитар ва сиёсий, шунингдек, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлигини янада фаоллаштириш ва ривожлантиришга қаратилган аниқ тадбирлар бўйича таклифларни киритади.
Белгиланишича, Ўзбекистон Республикасининг хорижий мамлакатлар – устувор ҳамкорлар билан ҳамкорлигини янада фаоллаштириш бўйича таклиф этиладиган тадбирлар ва йўналишлар Давлат дастури ва Ўзбекистон Республикасининг 2019 йилга мўлжалланган Инвестиция дастури билан ўзаро узвий боғлиқ бўлиши лозим.











