ХТВ матбуот хизматининг хабар беришича, кун тартибида Халқ таълими вазирлиги ҳузурида жамоатчилик кенгашини ташкил этиш масаласи муҳокама қилинган. Халқ таълими вазирлиги томонидан бугунги кунда жамоатчилик фикрига алоҳида эътибор қаратилаётгани ўлароқ илғор хорижий ва маҳаллий тажрибаларни инобатга олган ҳолда Халқ таълими вазирлиги ҳузурида Жамоатчилик кенгашини ташкил этиш истиқболлари кўриб чиқилди.

Учрашув якунида жамоатчилик кенгаши низомини ишлаб чиқишни бошлаш ва унинг фаолиятидаги устувор вазифаларни белгилаб олишга келишилди. Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 июлдаги “Давлат органлари ҳузурида жамоатчилик кенгашлари фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 3837-сонли қарорнинг ўз вақтида бажарилиши ва унинг долзарблигига алоҳида эътибор қаратилди.

Бугунги кунда кўплаб давлат ташкилотларида жамоатчилик кенгаши фаолият кўрсатаётганини инобатга олиб, вазирлик раҳбарияти томонидан республика халқ таълими тизимидаги кенг қамровли вазифалар ва йиғилиб қолган муаммоларни бартараф этишда орттирилган тажриба асосида самарали иш механизмини ташкил қилиш лозимлиги қайд этилди.