Бош вазирнинг таъкидлашича, ҳудудлардаги раҳбарларнинг таълим ва тиббиёт ходимларини ўз соҳасига тааллуқли бўлмаган ишларга жалб этиши, кўзбўямачиликларга йўл қўйиши ҳолатлари мамлакатда президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида олиб борилаётган сиёсатга зиён етказмоқда.
Бош вазир президентнинг вилоятларга ташрифлари арафасида таълим, тиббиёт ходимларини ободонлаштириш ишларига жалб этиш барча ҳудудларда авж олганини қайд этиб ўтган.
«Ҳукуматга алоҳида топшириқ берилди: ҳар бир шундай ҳолат энди фавқулодда ҳодиса сифатида кўриб чиқилади», — дея бош вазирнинг сўзларини келтирган KUN.UZ мухбири.
Бош вазир ўқитувчи ва шифокорларни жамоат ишларига мажбуран жалб этган раҳбарлар ва амалдорларнинг иши юзасидан прокуратура ва бошқа орган ходимлари иштирокида алоҳида назорат ўрнатилишини, президентнинг махсус топшириғига кўра, эндиликда мажбурий меҳнат масаласи фавқулодда ҳолат сифатида юқоридаги ташкилотлар билан биргаликда алоҳида кўриб чиқилишини таъкидлаб ўтган.












