“Бирламчи тиббий ёрдам сифати, айниқса, кам таъминланган аҳолига малакали бирламчи тиббий хизмат кўрсатиш тармоғини ривожлантиришда қуйидагиларни устувор йўналишлар, деб ҳисоблаймиз”, – дейилади Ворисованинг сайловолди дастурида.
Дастурга кўра, мазкур вазифани амалга оширишда қуйидагиларни амалга ошириш режа қилинмоқда:
– мулкчилик шаклидан ва молиялаштириш манбаларидан қатъи назар, барча тиббиёт муассасаларида бепул тақдим этиладиган, давлат томонидан кафолатланган мажбурий тиббий хизматлар рўйхатини қонуний жиҳатдан мустаҳкамлаш;
– аҳолини, жумладан, кам таъминланган оилаларни, ногиронлиги бўлган шахсларни, бошқа ижтимоий-демографик заиф гуруҳларни юқори технологияларга асосланган тиббий ёрдамдан фойдаланган ҳолда, ҳар йили бепул кўрикдан ўтказишни ташкил этиш;
– аҳолининг алоҳида тоифалари, жумладан, пенсионерлар, ногиронлиги бўлган шахсларга тақдим этиладиган дори воситалари, медикаментлар, протезлаш воситалари ва бошқа тиббий-ижтимоий хизматларни бепул тақдим этиш тизимини такомиллаштириш;
– “Дори-дармонлар ва тиббий воситалар нархларини давлат томонидан тартибга солиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш.
Маълумот учун, 20 октябр куни Мақсуда Ворисованинг пойтахтлик сайловчилар билан учрашуви бўлиб ўтди.











