Ҳамкорлик битимлари Шўртан газ-кимё мажмуасининг ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтиришни молиялаштириш учун 1,1 миллиард евро миқдоридаги капитални ўз ичига олади. Deutsche Bank билан 500 миллион евролик, Landesbank Baden-Wuerttemberg билан 300 миллион евролик ва Landesbank Hessen-Thüringen Girozentrale (Helaba) билан 300 миллион евролик битимлар имзоланди.
Шўртан газ-кимё мажмуасини модернизация қилиш лойиҳаси давлат кафолатларисиз экспортни молиялаштириш асосида молиялаштирилгани сабабли, Европа банклари иштироки Ўзбекистоннинг сармоявий жозибадорлигининг муҳим тасдиғидир, деб маълум қилди «Ўзбекнефтгаз».
«Шўртан газ-кимё мажмуасида ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш - юқори қўшилган қийматга эга нефть-кимё маҳсулотларини ишлаб чиқариш учун углеводородларни чуқур қайта ишлаш ҳажмини ошириш мақсадимизга эришиш йўлида яна бир қадам», - деди «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқаруви раиси Меҳриддин Абдуллаев.











