Тадбирда Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев, Бош прокуратура ҳузуридаги Ахборот-таҳлил мультимедиа маркази директори Бобур Алихонов, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ректори – «Халқаро пресс-клуб» раиси Шерзод Қудратхўжаев, халқаро меҳмонлар, «Минтақавий мулоқот» ХНДТ ҳуқуқ мутахассиси Анна Гуардино, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори лойиҳалар бўйича катта маслаҳатчи Юрген Бекер, «Минтақавий мулоқот» ХНДТ раҳбари Мюша Север, шунингдек, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
Семинарда мамлакатимизда юз бераётган сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, ҳуқуқий ислоҳотлар ҳақида кенг жамоатчилик ҳамда аҳолини хабардор қилиб бориш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини таъминлаш, давлат идораларининг ҳам, матбуот воситаларининг ҳам долзарб вазифаси эканлиги таъкидлаб ўтилди.
Ҳозирги кунга келиб ҳар бир вазирлик, идора ва бошқа давлат муассасаларида, хусусан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда матбуот хизматлари ва уларнинг веб-сайтлари ишламоқда. Бу, ўз навбатида, жамоатчиликнинг давлат идоралари фаолиятидан тўлиқ ва холис хабардор бўлиши билан бирга, давлат бошқаруви самарасининг даражасини белгилашга имкон бермоқда.
Шу билан бир қаторда, халқаро эксперт А.Гуардино семинар иштирокчиларини Америка Қўшма Штатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларининг фаолиятнинг ошкоралиги ва шаффофлигини таъминлашдаги тажрибаси, оммавий ахборот воситалари ва жамоатчилик билан ҳамкорлик қилиш усуллари ҳақида таништириб ўтди.
Шунингдек, семинар давомида, қонун бузилишларини олдини олиш ва жиноятчиликка қарши курашиш, аҳолининг ҳуқуқий онгини ошириш, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг нотўғри маълумотларга тезкор муносабат билдириши чоралари ҳақида аҳолини ўз вақтида хабардор қилиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилди.
Семинар якунида томонлар ўзаро фикр алмашиб, самарали ҳамкорлик истиқболларини муҳокама қилдилар. Тадбир конструктив шаклда, ОАВ вакиллари билан ўзаро манфаатли мулоқот ва самарали хамкорлик асосида бўлиб ўтди.











