Хусусан, “Женерал Моторс Ўзбекистон” АЖ томонидан механик узатмали “Нексия” автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажмлари август ойидан бошлаб 3 501 донага, сентябрь ойида эса 4 143 донагача оширилди, йил охиригача эса ушбу моделнинг ишлаб чиқариш ҳажмлари 34 804 донагача етказилади.

Шунингдек, “Малибу” автомобилларини ишлаб чиқариш ҳажмлари ойига 240 донадан 2 200 донага ошириш режалаштирилган.

Фото: GM Uzbekistan

Компания мижозлар томонидан таклифлар ва талабларни инобатга олган ҳолда, бошқа русумдаги автомобилларнинг ишлаб чиқариш ҳажмларини ҳам яқин ойларда ошириш учун барча имкониятларни жалб қилмоқда. 

“Мижозлар учун қулайликлар яратиш, шаффофликни таъминлашга қаратилган ва кундалик равишда янгиланиб бориладиган онлайн равишда шартнома тузиш тизими асосидаги барча аризалар максимал даражада тез кўриб чиқилади. Ҳар бир мижозни «Женерал Моторс Ўзбекистон» АЖ веб-сайтида кундалик равишда эълон қилинаётган шартномалар рўйхати билан танишиб бориш ва дилерлик корхоналарига шартнома тузиш учун ташриф буюришларига чорлаб қоламиз”, - дейилади хабарда.

Дилерлик ташкилотларида ноқонуний хатти-ҳаракатлар ва мижозлардан товламачилик орқали қўшимча пул маблағларини талаб қилиш каби ҳолатлар пайдо бўлса, Call-марказга (141-77-77) дарҳол мурожаат қилиш сўралган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ GM Uzbekistan энди электрон навбат бўйича шартномага қўйилган автомобиллар рўйхатини тақдим этиши хабар қилинганди.