САВОЛ: Бизнинг ишхонамизда фаррош йўқ. Корхонамиз раҳбари ишдан бўшатиш билан таҳдид қилиб, ходимларни хизмат хоналарини тозалашга мажбурламоқда. Бу эса бизнинг хизмат вазифаларимизга ҳам кирмайди. Меҳнат шартномасида ҳам назарда тутилмаган ва бунинг учун ҳақ ҳам тўланмайди. Директорнинг ҳаракатлари қонунийми?
Д.Тўлқинов
ЖАВОБ: Йўқ, директорнинг ҳаракатлари қонунга зид ва ушбу ҳолат мажбурий меҳнат сифатида баҳоланади. Меҳнат кодексининг 7-моддасига асосан мажбурий меҳнат, яъни бирон-бир жазони қўллаш билан таҳдид қилиш орқали (шу жумладан, меҳнат интизомини сақлаш воситаси тариқасида) иш бажаришга мажбурлаш тақиқланади.
Қуйидаги ишлар, яъни:
- ҳарбий ёки муқобил хизмат тўғрисидаги қонунлар («Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида»ги Қонун) асосида;
- фавқулодда ҳолат юз берган шароитларда;
- суднинг қонуний кучга кирган ҳукмига биноан;
- қонунда назарда тутилган бошқа ҳолларда бажарилиши лозим бўлган ишлар мажбурий меҳнат, деб ҳисобланмайди.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 177-моддасига асосан иш берувчи ходимдан унинг меҳнат вазифаси доирасига кирмайдиган ишларни бажаришни, қонунга хилоф ёки ходим ва бошқа шахсларнинг ҳаёти ёки соғлиғи учун хавф туғдирувчи, уларнинг шаъни ва қадр-қимматини камситувчи ҳаракатлар қилишни талаб этишга ҳақли эмас.
Саволга Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги юридик хизмати раҳбари Давлатназар Матрасулов жавоб берди.
Эслатма: «Юридик хизмат минбари»да саволларга берилаётган жавоблар тавсиявий характерга эга.











