Шу билан бир қаторда, Россия манфаатлари кўпроқ рус тили, рус миллатидаги инсонларнинг яшашлари билан боғлиқ. Унинг сўзларига кўра, Марказий Осиё Россия учун Қозоғистон ва Қирғизистон Евроосиё интеграция лойиҳасидаги иштироки сабаб стратегик жиҳатдан муҳим минтақа бўлиб қолади.
 
Айнур Ноғаеванинг фикрича, АҚШ “юмшоқ куч”ни қўллаш бўйича жаҳон етакчисидир. Улар бу ишни маданият ёрдамида амалга оширадилар. Хитой эса минтақа давлатларига таълим лойиҳалари орқали таъсир кўрсатмоқда.
 
“Хитойда таълим олишнинг мураккаблигига қарамай бугун мамлакатда таҳсил олаётган талабалар сони ошиб бораётганини кўриш мумкин. Хитой “хитой дунёси”ни яратиб бўлди. Мамлакат имижини хорижий талабаларни жалб этиш орқали яхшилаш – Хитой ҳукуматининг катта меҳнати сабаб юз берган”, - дея айтиб ўтди Айнур Ноғаева.