Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикаси Энергетика вазирлиги ҳузуридаги “Миллий диспетчерлик маркази” давлат муассасаси фаолиятини такомиллаштиришнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Қарор билан, электр энергетикаси тизимида тезкор-диспетчерлик бошқарувини янада такомиллаштириш, қайта тикланувчи энергия манбаларини ягона энергетика тизимига самарали интеграция қилиш ҳамда Миллий диспетчерлик маркази фаолиятини кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар белгиланди.

Қарорга мувофиқ, “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” АЖ ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖ томонидан амалга оширилаётган миллий, минтақавий ва ҳудудий диспетчерлик функциялари Миллий диспетчерлик маркази бошқарувига ўтказилади.

Шунингдек, энергия балансини реал вақт режимида режалаштириш ва прогнозлашнинг замонавий рақамли тизимлари жорий этилади. “PowerFactory” (DIgSILENT) ва “PLEXOS” дастурий платформалари ёрдамида электр энергияси ишлаб чиқариш, жумладан, қуёш ва шамол электр станцияларининг ишлаб чиқариш ҳажмлари ҳамда уларнинг электр тармоғига таъсири янада аниқ прогноз қилинади.

Қарор билан, шунингдек, диспетчерлик бошқарувини рақамлаштириш, илғор халқаро тажрибани жорий этиш ҳамда соҳа мутахассисларининг малакасини ошириш бўйича ҳам қатор вазифалар белгиланди.