Пенсия жамғармаси директори Мурод Отажоновнинг маълум қилишича, амалда пенсия ҳисоблашда ойлик иш ҳақининг максимал ҳисобга олинадиган қисми 6 миллион сўм билан чекланган. Шу сабабли, ойлиги 15 миллион сўм бўлган ходим ҳам энг юқори пенсия сифатида тахминан 3,3 миллион сўм олади. Янги таклифга кўра, ушбу чекловни ошириш кўзда тутилган.
Шунингдек, янги ихтиёрий жамғариб бориладиган пенсия тизимини жорий этиш режалаштирилмоқда. Унга кўра, ходим ўз ойлик маошининг 5 фоизини ихтиёрий равишда пенсия жамғармасига йўналтирса, давлат ушбу маблағнинг яна 50 фоизини қўшиб беради. Масалан, ойлиги 7 миллион сўм бўлган ходим амалдаги тизимда 20 йилда тахминан 5 миллион сўм жамғарса, янги тизимда бу кўрсаткич 126 миллион сўмга етиши мумкин.
Таклифлар орасида пенсия ҳисоблаш тартибини ҳам ўзгартириш назарда тутилган. Пенсия миқдори охирги 10 йилдаги исталган 5 йиллик иш ҳақи асосида эмас, балки 20 йиллик меҳнат фаолияти давомидаги иш ҳақидан келиб чиққан ҳолда ҳисобланиши режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, «Менинг пенсиям» мобил иловасини ишга тушириш кўзда тутилган. Янги илова орқали фуқаролар меҳнат стажи, иш ҳақи, тўланган ижтимоий солиқлар ҳамда жамғарилган пенсия маблағларини реал вақт режимида кузатиб бориш имкониятига эга бўлади.











