Низом лойиҳасига мувофиқ, электрон тижорат операторлари фаолиятини хабардор қилиш тартибисиз амалга ошириш тақиқланади. Хабарнома ваколатли органга фаолият бошланишидан аввал махсус ахборот тизими орқали электрон шаклда юборилади.
Ҳужжатда электрон тижорат операторларига қўйиладиган қатор талаблар ҳам белгиланган. Хусусан, улар Ўзбекистонда юридик шахс сифатида давлат рўйхатидан ўтган бўлиши, электрон тижорат, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, истеъмолчилар ҳуқуқлари, реклама ва бошқа соҳаларга оид қонунчилик талабларига риоя қилиши лозим. Шунингдек, хизмат кўрсатиш учун зарур ахборот тизимига эга бўлиши, онлайн назорат-касса ёки виртуал касса тизимидан фойдаланиш имкониятини таъминлаши талаб этилади.
Хабарнома Ягона идентификация тизими (OneID) орқали юборилади. Унда юридик шахснинг номи, СТИР, манзили, раҳбарининг маълумотлари, банк реквизитлари ҳамда бошқа зарур маълумотлар кўрсатилади. Белгиланган талабларга мувофиқ юборилган хабарнома шу куннинг ўзида қабул қилиниб, бир иш куни ичида QR-кодли электрон тасдиқнома расмийлаштирилади.
Лойиҳада, шунингдек, электрон тижорат операторлари фаолиятини назорат қилиш, қоидабузарликлар аниқланганида фаолиятни вақтинча тўхтатиш ёки суд қарори билан тугатиш тартиблари ҳам белгиланган.











