Энергетика соҳаси мутасаддиларига кўра, кондиционерни ҳаддан ташқари паст ҳароратда ишлатиш электр сарфини оширади ва қурилманинг ортиқча юклама билан ишлашига олиб келади.
Шу боис кондиционерни 24–26°C ҳароратда ишлатиш тавсия этилмоқда. Бу нафақат электр энергиясини тежашга, балки хонада инсон саломатлиги учун ҳам қулай муҳит яратишга хизмат қилади.
Мутахассислар, шунингдек, кондиционер филтрларини мунтазам тозалаб туриш муҳимлигини эслатди. Тоза филтр қурилманинг самарали ишлашини таъминлайди, электр сарфини камайтиради ҳамда электр тармоқларининг ортиқча қизиб кетиши хавфини пасайтиради.
Энергетика вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда электр энергияси истеъмоли рекорд даражага етган бир пайтда электрдан тежамкорлик билан фойдаланиш энергия тизими барқарорлигини таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Шу муносабат билан аҳолидан иссиқ кунларда электр жиҳозларидан оқилона фойдаланиш, кондиционерларни тавсия этилган ҳароратда ишлатиш ва имкони борича электр энергиясини тежаш сўралмоқда.











