Белгиланган тартибга кўра, республикадаги бир давлат олий таълим ташкилотидан бошқасига ёки бир олий таълим ташкилоти доирасида ўқишни кўчириш, шунингдек, ўқишни қайта тиклаш бўйича аризалар transfer.edu.uz платформаси орқали қабул қилинади. Бу фақат қонунчиликда белгиланган икки турдаги узрли сабаб мавжуд бўлган ҳолатларга татбиқ этилади.

Хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан давлат олий таълим ташкилотларининг мос ва турдош бакалавриат таълим йўналишларига ўқишни кўчириш бўйича аризалар эса my.uzbmb.uz платформаси орқали топширилади.

Янги тартибга мувофиқ, хорижий ва нодавлат ОТМдан давлат олий таълим муассасаларига ўқишни кўчиришда умумтаълим фанлари ҳамда чет тили бўйича миллий сертификатлар ахборот тизими орқали автоматик аниқланади. Халқаро сертификатлар эса талабгор томонидан бошқа ҳужжатлар билан бирга электрон шаклда юкланади.

Эслатиб ўтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 2026 йил 11 июндаги 299-сонли қарорига мувофиқ, хорижий ва нодавлат олий таълим ташкилотларидан давлат ОТМга ўқишни кўчиришда чет тили ҳамда умумтаълим фанлари бўйича миллий ёки халқаро сертификатга эга талабгорларга тегишли фанлардан табақалаштирилган ёки максимал балл берилади.

Онлайн аризаларни қабул қилиш 2026 йил 5 августга қадар давом этади.