Бир қатор қурилиш компаниялари реклама тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлиги учун молиявий жаримага тортилди, дея хабар берди Рақобат қўмитаси.
Олиб борилган ўрганишларда “Humo Avenue” МЧЖ, “Story Dom Siyob” МЧЖ, “Aziya Makon City” МЧЖ, “Aziza Credo Max” МЧЖ, “Shoxsaroy Enter Group” МЧЖ ва “Qorasuv Avenue” МЧЖ қурилиш корхоналарининг қурилиш мажмуалари электрон рўйхатга киритилмаганлиги, бироқ ушбу турар жой мажмуалари ижтимоий тармоқларда реклама қилинаётганлиги аниқланган.
2020 йилдаги президент қарори билан тасдиқланган низомга асосан, қурувчилар турар жой мажмуаларини Улуш киритиш асосида қуриш учун маблағларни жалб этувчи қурувчиларнинг электрон рўйхатига киритмасдан туриб реклама қилиши тақиқланади.
“Юқоридагиларга асосан, қўмита махсус комиссияси томонидан “Humo Avenue” МЧЖ, “Story Dom Siyob” МЧЖ, “Aziya Makon City” МЧЖ, “Aziza Credo Max” МЧЖ, “Shoxsaroy Enter Group” МЧЖ ва “Qorasuv Avenue” МЧЖлар қонун бузилиш ҳолатларига йўл қўйган деб топилиб, уларга нисбатан белгиланган тартибда молиявий жарима қўллаш ҳақида қарор қабул қилинди. Шунингдек, қонунбузилиши ҳолатини тўхтатиш ва келгусида такрорламаслик юзасидан кўрсатма берилди” дейилади қўмита хабарида.











