Унинг сўзларига кўра, бу саволга бир нечта жавоб бор.
«Аҳоли орасида ниқоблар тақилмай қўйилгани — бу инфекциянинг одамдан одамга юқиш учун жуда қулай шароит, яъни ҳозир кунлар иссиқ, ҳаво қуруқ, вируснинг ҳавода ҳаракатланишига тўсқинлик йўқ ва у бемалол инсонларнинг юз ва қўл терисига ёки кўз шиллиқ қаватига тушади. Бурундан нафас оламиз — ҳаводаги вирус бурун шиллиқ қаватига ёки томоққа киради ҳамда ҳужайра ичига тушиб, касаллик чақиришга имконият қидиради.
Қўлларни совунлаб ювмай қўйдик, антисептиклардан фойдаланмай қўйдик — бу эса қўл терисига тушган вируснинг тозаланмаслигига, қўллар кўз, бурун ё оғизга теккизилганда вирус организмга тушишига замин яратади. Натижада, бу касаллик чақиришни янада кучайтиради.
Ижтимоий масофани сақламай қўйдик — жуда кўп тўй-ҳашамлар, туғилган кунлар ва одамлар тўпланиши мумкин бўлган кўнгилочар тадбирларни кўпайтириб юбормоқдамиз. Бу каби кўнгилочар тадбирларда:
- бир оила аъзоларидан ташқари бир неча оилалар ва одамлар сони 30дан ортиб кетмоқда;
- тадбирлар ёпиқ жойларда, умумий сиғимдан 50 фоиздан ортиқ одамлар иштироки кузатилмоқда, яъни агар 100 кишилик тўйхонада тадбир бўлса, талаб бўйича 50 кишидан ортмаслиги керак, лекин бугунги кунда тўй-ҳашамларда 100-150 нафардан одам иштирок этмоқда;
- бундай кўнгилочар тадбирларга ҳеч ким олдиндан ПЗР-тестини топширмайди ва келаётган меҳмонлардан тест натижаси сўралмайди;
- келаётган меҳмонларнинг тана ҳарорати ўлчанмайди;
- ниқоблар тақилмайди ва антисептиклар билан қўлларга ишлов берилмайди.
Ахир биз тўй-ҳашамларга кўнгил очиш учун борамиз, унда овқатланиш керак, инсонлар кўнгил очмоқчи бўлгандан кейин узоқ давом этувчи суҳбатлар ва мулоқотлар бўлади. Буларнинг ҳаммаси — коронавирус тарқалишига катта замин яратмоқда», деди штаб аъзоси.












