Олий Мажлис Сенатининг XVIII ялпи мажлиси кун тартибига қўйилган қонунга муносабат билдирган сенаторнинг айтишича, юқорида таъкидланган ўсишнинг асосий сабаблари ер эгалари, ердан фойдаланувчилар ва ижарачилар томонидан ўзбошимчалик ва бепарволикка йўл қўйиб келаётганлигидир.
«Бундай қонун бузилиши ҳолатлари асосан ер майдонлари, шу жумладан қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олиб, ноқонуний қурилишларга нисбатан эгалик ҳуқуқини бериш шаклида йўл қўйилмоқда. Ачинарлиси, бу каби қонун бузилиши ҳолатлари юзасидан бирор-бир шахснинг жавобгарлик масаласи ҳал этилмасдан қолаётганидир», – дейди сенатор.
Таъкидланишича, фақат ер майдонларини сотиб, пора олганлиги ҳолати бўйича мансабдор шахсларнинг Жиноят кодекси 210-моддаси ва мансабдор бўлмаган шахсларнинг эса, Жиноят кодекси 168-моддаси билан жиноий жавобгарлик масаласи ҳал этилган.
Искандаровнинг айтишича, қонунчиликдаги ушбу бўшлиқдан аксарият ҳолатларда фермер хўжаликлари раҳбарлари фойдаланиб, фуқаролар билан тил бириктирган ҳолда ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳолатлари кузатилмоқда.
Прокуратура органлари томонидан 2018 йилда ўтказилган назорат тадбирларида 837 та ҳолатда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ўзбошимчалик билан 331,1 гектар ер майдонлари эгаллаб олинганлиги аниқланган бўлса-да, бунга йўл қўйган доимий ва ижара асосида ерлардан фойдаланувчи мансабдор шахсларга нисбатан жиноят қонунчилигида жавобгарлик белгиланмаганлиги сабабли уларнинг қилмишлари жазосиз қолган.
«Шу боис соҳа мутахассислари, кенг жамоатчилик фикр-мулоҳазалари асосида тайёрланган «Ер тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги 8 моддадан иборат қонун амалдаги Ўзбекистон Республикасининг 6 та кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритишни кўзда тутади», – дейди сенатор ўз нутқида.
Амалдаги Жиноят кодекси 197-моддасида шу ҳолат ўз ифодасини топган бўлиб, бу модда «Ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабларини бузиш» деб номланади. Унга кўра, ер, ер ости бойликларидан фойдаланиш шартларини ёки уларни муҳофаза қилиш талабаларини бузиш оғир оқибатларга сабаб бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Эндиликда эса Жиноят кодекси ердан фойдаланиш билан боғлиқ муносабатлар янада аниқ акс этган янги 197-1-модда билан тўлдирилмоқда.
«Суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича чоралар кўрмаслик» деб номланган мазкур моддага кўра, суғориладиган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан чоралар кўрмаслик, шундай қилмиш учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилган бўлса, энг кам ойлик иш ҳақининг юз бараваридан бир юз эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёхуд бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Сенаторнинг таъкидлашича, мазкур нормада айнан суғориладиган ер назарда тутилмоқда. Чунки бундай ерлар нафақат фойдали, балки айрим шахсларнинг улардан ўз манфаати учун фойдаланиш объекти ҳамдир. Янги норма эса суғориладиган ерларни муҳофаза қилишга хизмат қилади.
Мазкур моддада, албатта, қилмишни енгиллаштирувчи ҳолатлар ҳам назарда тутилган. Яъни, жиноятни биринчи маротаба содир қилган шахс, агар ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкасининг қайтарилишини таъминласа ҳамда ўзбошимчалик билан эгаллаб олишнинг оқибатларини бартараф қилса, жавобгарликдан озод этилади.










