Эслатиб ўтамиз, Ражаб Тоййиб Эрдўған 29 апрель – 1 май кунлари Ўзбекистонда давлат ташрифи билан бўлди.
«Президентлар Ўзбекистон Республикаси билан Туркия Республикаси ўртасидаги ўзаро манфаатли савдо-иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш стратегик хусусият касб этишини қайд этдилар», - дейилади баёнот матнида.
Давлат раҳбарлари 2017 йилда мамлакатлар ўртасидаги икки томонлама савдо ҳажмининг сезиларли даражада ошганлигини мамнуният билан таъкидладилар ҳамда яқин йилларда уни 5 миллиард АҚШ долларига кўтаришга қатъий тайёр эканликларини яна бир бор тасдиқладилар.
Туркия томони Туркия тадбиркорларининг Ўзбекистонга инвестиция киритишларини бундан буён ҳам қўллаб-қувватлаш ниятида эканлигини яна бир бор тасдиқлади, Ўзбекистон томони эса Туркия инвесторлари учун инвестиция киритишни енгиллаштириш ва процедураларни соддалаштиришда зарур кўмак беришга тайёрлигини маълум қилди.
Томонлар энергетика ва тоғ-кон, шу жумладан, қайта тикланадиган энергия, энергия самарадорлиги ва углеводородлар соҳаларида ҳамкорлик ўрнатиш ва ривожлантириш ҳамда маълумот ва тажриба алмашиш имкониятларини ўрганишни қўллаб-қувватлашларини тасдиқладилар.












