Президентнинг “Маданий тадбирларнинг халқаро жозибадорлигини ошириш ва соҳага замонавий бошқарувни жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, Маданият вазирлиги ҳузуридаги “Халқаро фестиваллар дирекцияси” давлат муассасаси негизида Маданият ва санъатни ривожлантириш жамғармаси ҳузурида “Маданий лойиҳалар миллий оператори” давлат муассасаси ташкил этилади.

Миллий оператор халқаро ва республика даражасидаги маданий тадбирларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан шуғулланади. Шу муносабат билан муассасага жамоат тартибини таъминлаш, тез тиббий ёрдам ва йўл-патрул хизмати хизматларидан бепул фойдаланиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, Миллий оператор томонидан ўтказиладиган маданий тадбирлар учун Ўзбекистонга олиб кириладиган саҳна ва техник жиҳозлар, мусиқа асбоблари, LED-экранлар, дронлар, реквизитлар ҳамда бошқа моддий қийматликлар 2030 йил 1 январга қадар божхона божидан озод қилинади.

Қарор билан яна бир муҳим янгилик сифатида, келгуси йилдан бошлаб “Шарқ тароналари” халқаро мусиқа фестивали ҳар икки йилда бир марта ўтказилиши белгиланди. Миллий оператор мазкур фестивалга ташкилий ва техник жиҳатдан тайёргарлик кўриш ҳамда уни ўтказиш бўйича ижрочи оператор этиб белгиланган.