6 январ куни Жиноят ишлари бўйича Яккасарой туман судида одамларга “осон шартларда” қурувчи фирмалар орқали уй олиб беришни ваъда қилган “Credit House” ва “In Fin Stroy” МЧЖлари билан боғлиқ жиноят иши бўйича навбатдаги суд мажлиси бўлиб ўтди.
Судланувчилардан бирининг адвокати берган илтимосномаси ва уни қувватлаган прокурорнинг талаби билан суд мажлислари ОАВ вакиллари томонидан аудио ҳамда видеога ёзиб олиниши чекланди.
Суд мажлисида прокурор Севара Саиджонова 9 нафар судланувчига нисбатан айбловларни ўқиб эшиттирди.
Суд ишига раислик қилувчи Баҳодир Қаюмов судланувчиларга юзланиб, қўйилган айбловларни тан олиши ёки олмаслиги юзасидан саволлар берди. “Credit House” раҳбари ва жиноят ишининг бошида тургани айтилаётган Дмитрий Баженов ҳамда шу фирма вакили Робия Галямова айбловларни тўлиқ рад этди. Клара Толипова ҳамда Шоира Раҳимова эса қисман, қолган судланувчилар эса тўлиқ айбига иқрор эканини билдирди.
Шундан сўнг жабрланувчилар бирма-бир сўроқ қилинди. Суд мажлиси эълон қилган оралиқ танаффусдан фойдаланиб Kun.uz мухбири айрим жабрланувчилар билан суҳбатлашиб, суд ҳақидаги фикрларини олди.
Эслатиб ўтамиз, мазкур иш доирасида 1766 нафар шахс жабрланувчи сифатида эътироф этилган. Ҳозирча уларга етказилган жами зарар миқдори маълум эмас. Прокурор Севара Саиджонова Kun.uz мухбирининг бу ҳақдаги сўровига “жами зарар суммаси аниқ эмас”лигини, барча маълумотлар суддан кейин ошкор қилинишини айтди.
Дилшода Шомирзаева тайёрлади.


