Қарор билан “Автомототранспорт воситалари билан боғлиқ битимларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида”ги низом 10-1-банд билан тўлдирилган. Унга кўра, автомототранспорт воситаларидан фойдаланиш ва (ёки) уларни тасарруф этиш ишончномаларида ишончнома берилган шахсда транспорт воситасини чет элга олиб чиқиш ҳуқуқи мавжуд ёки мавжуд эмаслиги ҳақидаги ёзув алоҳида кўрсатилиши шарт.
Бу ўзгариш сўнгги пайтларда Ўзбекистондан машиналар чет элга олиб чиқилиб, сотиб юборилиши билан боғлиқ ҳолатлари кўпайгани фонида амалга оширилди. Ушбу ҳуқуқий бўшлиқ фирибгарларга имкон яратиб бераётган эди.
Kun.uz машиналар ишончнома асосида чет давлатга олиб чиқилиб, сотиб юборилаётгани юзасидан бир нечта суриштирув эълон қилган. Жумладан, ўтган йил охирида Абдулла Абдурасулов исмли шахс томонидан кўплаб одамлар чув туширилиб, машиналари Қозоғистонга ўтказилиб сотиб юборилгани аниқланганди. Яқинда эса шу каби ҳолат яна такрорланди: бу сафар бир гуруҳ шахслар одамларни алдаган ҳолда уларга тегишли автомобилларни Тожикистон ҳудудига ўтказиб, пуллаб юборди.
Олдинроқ Божхона қўмитаси пул эвазига машиналарни Тожикистонга ўтказиб берган шахсларни фош қилганди. Унда 8 нафар шахс жами 59 та машинани ҳайдаб, чегара божхона постлари орқали Тожикистонга ўтказиб бергани билдирилган.



