Учрашувда икки мамлакат парламент делегациялари ўртасида ўзаро ташриф ва учрашувлар фаол тус олгани катта мамнуният билан қайд этилди. Шунингдек, парламентларда дўстлик гуруҳлари самарали иш олиб бораётгани, май ойида Токиода навбатдаги парламентлараро форум муваффақиятли ўтказилгани таъкидланди.

Томонлар парламентларнинг қўмиталари, халқ депутатлари маҳаллий кенгашлари ва Япония префектуралари ассамблеялари ўртасида ҳамкорликни йўлга қўйиш муҳимлигини алоҳида қайд этдилар. Бундан ташқари, рақамли технологиялар ва сунъий интеллект соҳасида қонун ижодкорлиги бўйича тажриба алмашиш истиқболли йўналиш сифатида белгиланди.

Учрашув якунида олий даражада эришилган келишувларни амалга оширишда парламентлараро ҳамкорликнинг ўрнини кучайтириш, қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш ва ўзаро мулоқотни давом эттириш масалалари юзасидан фикр алмашилди.




