Нидерландиянинг микрочип ишлаб чиқарувчи Nexperia компанияси келажаги бўйича музокаралар олға силжияпти, деб баёнот берди Европа комиссияси (ЕК). «Nexperia масаласидаги ўзгаришни олқишлайман — бу яримўтказгичлар таъминот занжирларини тиклаш учун ҳал қилувчи аҳамиятга эга», — деб ёзди савдо бўйича еврокомиссар Марош Шефчович 3 ноябр куни X ижтимоий тармоғида.

У, шунингдек, ЕК Нидерландия ҳукумати ҳамда Хитой билан яқин ҳамкорлик қилаётганини, «экспорт назоратини жорий этмасдан узоқ муддатли барқарорликни таъминлаш устида иш давом этаётганини» қўшимча қилди.

13 октябр куни Нидерландия Nexperia (Хитойнинг Wingtech компаниясига тегишли) томонидан Нидерландияда ҳам, Хитой Халқ Республикасида ҳам амалга оширилаётган операцияларни давлат назоратига олди. Бунга жавобан Wingtech раҳбарияти микрочипларни тўғридан тўғри ишлаб чиқарадиган Nexperia’нинг Хитой бўлинмасига ташқи кўрсатмаларни эътиборсиз қолдириши мумкинлигини маълум қилди. Хитой ҳокимияти эса Nexperia маҳсулотларини махсус рухсатномасиз экспорт қилишни тақиқлади.

Nexperia — автомобил саноати, истеъмол электроникаси ва бошқа тармоқларда қўлланадиган катта ҳажмли микросхемалар ишлаб чиқарувчиси. Компания атрофидаги низо таъминотда узилишларга сабаб бўлди, деб ёзади Reuters агентлиги.

https://www.dw.com/ru/es-soobsil-o-progresse-v-peregovorah-po-nexperia/a-74604950