Иқтисодиёт ва молия вазирининг буйруғи билан божхона органлари томонидан жисмоний ва юридик шахсларга кўрсатиладиган пулли хизматлар рўйхати ва тарифлари тасдиқланди. Ҳужжат «Давлат божхона хизмати органлари фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги президент фармонига мувофиқ ишлаб чиқилган.
Рўйхат 68 турдаги хизматларни қамраб олади, жумладан:
- экспорт-импорт операциялари бўйича ахборот олиш (масалан, ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари ва божхона брокерлари томонидан мустақил равишда расмийлаштирилган божхона юк декларациялари тўғрисида ахборот олиш);
- Божхона қўмитасининг ахборот тизимларига тўғридан-тўғри интеграция қилиш орқали бир йил давомида Ўзбекистоннинг ташқи савдо (импорт-экспорт) божхона статистикаси бўйича маълумотларни олиш (товарлар сонига қараб тариф);
- кредит олиш учун тижорат банкига мурожаат қилган жисмоний шахслар тўғрисидаги маълумотларни тижорат банкига унинг сўровига асосан ахборот тизими орқали тақдим этиш;
Марказий божхона лабораторияси томонидан кўрсатиладиган хизматлар:
- кимёвий хоссалари асосида тўқимачилик матоларининг таркибини аниқлаш;
- товарлар экспертизаси тури бўйича хизматлар ва бошқалар.
Божхона институти томонидан кўрсатиладиган хизматлар, хусусан:
- «Ташқи иқтисодий фаолият» ва бошқа йўналишларда ўқиш истагини билдирган талабани ўқитиш ва турар жой билан таъминлаш;
- Миллий кинология маркази (ит ва мушукларни клиник кўрикдан ўтказиш ва паспортлаштириш ва ҳ.к.).
Энг қиммат хизмат — тижорат банкига кредит олиш учун мурожаат қилган шахсларнинг розилиги асосида уларга оид маълумотларни ахборот тизими орқали тижорат банкига сўров асосида бир йил давомида тақдим этиш ҳисобланади. Бунинг учун БҲМ 2 минг баробари миқдорида тўлов қилинади (824 млн сўм)
Ўзбекистон ташқи савдо божхона статистикаси (импорт–экспорт) бўйича маълумотларни Божхона қўмитаси ахборот тизимларига тўғридан-тўғри интеграция орқали бир йил давомида олиш учун қуйида миқдорда тўлов қилинади:
- 50 мингта товаргача — БҲМ 25 баравари (10,3 миллион сўм);
- 4 млн тадан ортиқ товар учун — БҲМ 250 баравари (103 миллион сўм).



