Хитойга ташриф доирасида бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев бошчилигидаги Ўзбекистон делегацияси Хитойнинг China National Gold Group миллий олтин қазиб олиш корпорацияси вакиллари билан музокаралар ўтказди, музокаралар якунида икки томоннинг инвестициявий ҳамкорликни янада ривожлантириш ва чуқурлаштириш тўғрисидаги меморандум имзоланди.
Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги маълумотига кўра, эришилган келишувларга мувофиқ, China National Gold Group компанияси қимматбаҳо ва стратегик аҳамиятга эга фойдали қазилмалар конларининг истиқболли участкаларида геологик қидирув ишларини амалга ошириш, ерости бойликларидан фойдаланиш, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш, замонавий технологияларни жорий этиш, мутахассислар тайёрлаш, шунингдек, устувор лойиҳаларга инвестициялар жалб этиш йўналишларида ҳамкорликни кенгайтиради.



