Транспорт вазирлиги маълумотига кўра, музокаралар давомида Ўзбекистон ва Жанубий Корея ўртасида транспорт ва йўл хўжалиги соҳасидаги ҳамкорликни кенгайтириш, Корея Республикасининг автомагистраллар бошқаруви, "ақлли" светофорлар, сунъий интеллект асосидаги ҳаракатни бошқариш тизимларини Ўзбекистонда жорий этиш имкониятлари, шунингдек, мазкур мамлакат ҳукумати томонидан Ўзбекистонда техник ёрдам ва мутахассислар тайёрлаш дастурларини амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Шунингдек, музокараларда Жанубий Корея томонидан Ўзбекистонда йўл инфратузилмасини рақамлаштириш, жумладан, ақлли толлинг, I сенсор тизимлари, ҳаракат мониторинги бўйича лойиҳаларни амалга ошириш, "Тошкент-Андижон пулли автомобил йўлини қуриш" ДХШ лойиҳаси доирасида автомагистрал лойиҳаларини ривожлантиришда KEC корпорацияси иштирокини таъминлаш таклифлари илгари сурилди.



