Сирдарё вилоятининг Сайхунобод туманида уч киши қудуқдаги газдан заҳарланиб вафот этди. Бу маълумотни Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов Kun.uz’га тасдиқлади.
Ҳолат 22 май куни содир бўлган. Туманнинг Дўстлик маҳалласида яшовчи 67 ёшли киши тозалаш мақсадида хонадонидаги сизот сувларини сақловчи 5 метрлик қудуққа тушган. Аммо у қудуқда ҳосил бўлган заҳарли газдан нафас олиши оқибатида вафот этган.
Сўнгра уни қутқариш мақсадида қудуққа тушган 39 ёшли ўғли ва 46 ёшли қўшниси ҳам газдан заҳарланиб ҳалок бўлган. Уларни қутқариш учун тушган яна икки киши эса заҳарли газдан нафас олиши оқибатида соғлиги ёмонлашиб, ҳушини йўқотган.
Сайхунобод туман ФВБ ходимлари томонидан кўрсатилган ёрдам сабабли ота, ўғил ва қўшнининг мурдалари ҳамда заҳарли газдан ҳушини йўқотган икки фуқаро қудуқдан олиб чиқилган. Кўрсатилган тиббий ёрдам туфайли уларнинг ҳаёти сақлаб қолинган ва туман тиббиёт бирлашмасига жойлаштирилган.
Ҳолат юзасидан Сайхунобод тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.



