Самарқанд вилоятининг Нуробод туманида Nexia машинасини стадионга бошқариб тушиб, одамлар устига ҳайдаган шахсга жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Kun.uz’га ЙҲХХ ахборот хизмати хабар берди.
Маълум қилинишича, эркакка нисбатан Жиноят кодексининг 277-моддаси (Безорилик) билан жиноят иши қўзғатилган. У қамоққа олинган. Ҳозирда ҳолат юзасидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Ҳайдовчи йигит футболда жамоасининг ютқазгани аламидан машинасида стадионга чиқиб, одамлар устига бостириб борган. У қилган ишидан пушаймонлигини айтиб, узр сўраган.
Шу каби ҳолат олдинроқ Сайхунобод туманида ҳам содир бўлганди. Ўшанда футбол майдонида одамлар устига Captiva ҳайдаган ҳайдовчи безориликда айбланиб, 4,5 йил муддатга озодликдан маҳрум этилганди. Унинг машинаси эса жиноят қуроли сифатида топилиб, давлат фойдасига мусодара қилинди. Судда даъвогарлар ундан шикояти йўқлигини билдирган. Бироқ эркакнинг машинаси олд қисми билан икки нафар шахсни туртиб юбориб, воқеа жойидан қочиб кетгани оғирлаштирувчи ҳолат сифатида баҳоланган.



