Ёшлар ишлари агентлиги томонидан ўтказиб келинадиган “Ёш китобхон” танловининг 2024-2025 йилги мавсуми ғолиблари аниқланди.

Алишер Саъдуллаевнинг маълум қилишича, бу сафарги мавсумда барча ёш тоифасида биринчиликни қизлар қўлга киритган.

“Бу қизларга берилаётган эътибор, уларнинг билимга чанқоқлиги ва китобга бўлган қизиқиши қанчалик ортганлигининг белгиси” деб ёзди у.

Шунингдек, ғолиблар ҳақида ҳам маълумот берилди:

• Дилбархон Ҳайдарова — Тошкент шаҳар Бўз маҳалласидан 10-14 ёш тоифаси ғолиби. Отаси Бўронов Фирузбек, ҳисобчи.

• Ўғилжайрон Халдурдиева — Қорақалпоғистон Республикаси, Тўрткўл тумани Калтаминор маҳалласидан 15-19 ёш тоифаси ғолиби. Отаси Сўюнов Абажан, деҳқончилик билан шуғулланади.

• Мафтуна Очилова — Хоразм вилояти, Нурли ҳаёт маҳалласидан 20-30 ёш тоифаси ғолиби. Онаси Очилова Дилдора, нафақада.

Ғолибларнинг ҳар бирига Президент совғаси — BYD Chazor электромобиллари тантанали равишда топширилди.

Бундан ташқари, танловда иккинчи ўринга — 75 млн сўмдан, учинчи ўринга — 50 млн сўмдан, финал босқичи иштирокчиларининг барчасига эса 10 млн сўмдан пул мукофотлари берилди.