Ўзбекистон ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Доҳа шаҳрида Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Жасем Муҳаммад Ал-Будаивий билан учрашди.

«Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши бош котиби Жасем Муҳаммад Ал-Будаивий жаноблари билан самарали музокаралар ўтказдик, - деб ёзди Ўзбекистон ТИВ раҳбари ўзининг Telegram-каналида. - Олий даражада эришилган барча келишувларнинг амалга оширилишини муҳокама қилдик ва навбатдаги «Марказий Осиё + Кўрфаз араб давлатлари» вазирлар йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш юзасидан фикр алмашдик».

Шу йил 19 июль куни президент Шавкат Мирзиёев Марказий Осиё мамлакатлари ва Кўрфаз араб давлатлари ҳамкорлик кенгаши етакчиларининг биринчи саммитида иштирок этди. 

Саммит иштирокчилари Ўзбекистоннинг ушбу форматидаги навбатдаги олий даражадаги учрашувни Самарқанд шаҳрида ўтказиш таклифини қўллаб-қувватладилар.