Осиё ўйинларининг бугунги куни Ўзбекистон жамоаси учун муваффақиятли бошланди. Академик эшкак эшиш бўйича аёллар ўртасида кечган яккалик дастурида Анна Пракатен Ўзбекистон делегациясига иккинчи олтин медални тақдим қилди. Кумуш ва бронза медаллари эса Хитой ҳамда Япония вакилларига насиб этди.

М4 дастурида эса Шеҳроз Ҳакимов, Давр Давронов, Дилшод Худойбердиев ва Алишер Турдиев квартети маррага биринчи бўлиб етиб келди ва жамоа ҳисобига навбатдаги олтин медални қўшиб қўйди.

Aкадемик эшкак бўйича M4x дастурида Шаҳзод Нурматов, Шаҳбоз Холмирзаев, Меҳрож Маматқулов ва Собиржон Сафаралиев квартети маррага мезбонлардан сўнг етиб келди - кумуш.

Шу тариқа, Академик эшкак эшувчиларимиз Осиё ўйинларидаги иштирокларини якунлашди. Спортчиларимиз мусобақа давомида 2 та олтин, 4 та кумуш ва 1 та бронза медалларини қўлга киритиб, мазкур дастурда Хитойдан сўнг иккинчи ўринни эгаллашди.

Бу Осиё ўйинлари тарихида ўзбекистонлик академик эшкак эшувчилар учун энг яхши натижа бўлди.

Эндиликда Ўзбекистон делегацияси 3 та олтин, 4 та кумуш ва 3 та бронза, жами 10 та медал билан умумий рейтингда 4-ўринда бормоқда.