Қонун лойиҳаси мавжуд сув хўжалиги объектларини техник соз ҳолатда сақлаш, уларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва улардан ишончли фойдаланишга хизмат қилишга қаратилгани билан аҳамиятли экани айтилди.

Лойиҳада гидротехника иншоотлари хавфсизлигини таъминлашнинг асосий принциплари, соҳасидаги давлат сиёсати асосий йўналишлари аниқ белгиланмоқда. Етказилган зарар учун фуқаролик жавобгарлигини мажбурий суғурталаш, гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш соҳасида хорижий давлатлар, халқаро ташкилотлар билан ахборот алмашиш масалалари ўз аксини топган.

Қонун лойиҳаси қабул қилиниши орқали гидротехника иншоотларининг хавфсизлигини таъминлаш юзасидан буюртмачи, лойиҳа, пудрат ва фойдаланувчи ташкилотларнинг масъулияти оширилади. Гидротехника иншоотлари зарур назорат-кузатув асбоб-ускуналари, шунингдек, фавқулодда вазиятлар ҳақида аҳолига зудлик билан хабар бериш тизими билан жиҳозланади.

Мажлисда қизғин муҳокамалардан сўнг, қонун лойиҳаси қабул қилинди.