Самарқанд саммити доирасида ОАВ вакиллари иштирокида брифингда иштирок этган Экология қўмитаси раиси Нарзулло Обломуродов бугун дунёда инсонлар учун керакли даражада тоза ҳавони таъминлаш учун 1,6 миллиард гектар ўрмонзорлар етишмаётгани, Ўзбекистондаги «Яшил макон» лойиҳаси бу борада тўғри ташаббус бўлганини таъкидлади.

Экоқўм раисига кўра, Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан 11 ноябр куни саммитга аъзо бўлган 5 давлат Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Озарбойжон, шунингдек, икки кузатувчи давлат Туркманистон ва Венгрия пойтахтларида кўчат экиш маросими ўтказилади. Саммит меҳмони бўлиб турган давлат етакчилари Самарқанддаги Регистон майдонида кўчат экишади.
Ушбу лойиҳани фаол қўллаб-қувватлаган Озарбойжонда 11 ноябр куни 111 минг 111 дона кўчат экилади. Барча 7 давлат пойтахтида кўчат экиш жараёни Регистон майдонида ташкил этилган экранда жонли узатиб турилади. Kun.uz мухбирининг хабар беришича, айни дамда Регистонда 7 давлат етакчилари экиши учун манзарали дарахт кўчатлари тайёрлаб қўйилган.




