Режаларга кўра, миссия икки йил давомида ишлайди, 15 минг украиналик аскар ўқитилади. Бунинг учун Германия ва Полшада ўқув марказлари ташкил этилади.
Европа иттифоқи дипломатлари маълумотига кўра, яқин ойларда Украина армиясининг 5 минг нафаргача аскари Германияда машғулотларни бошлайди.
Шу пайтгача Украина ҳарбийларини Европа иттифоқи мамлакатларида тайёрлаш икки томонлама асосда ташкил этилган. Хусусан, Бундесвер уларни ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва артиллерия қурилмаларидан фойдаланишга ўргатяпти.
Август ойида ЕИ даражасида миссия яратишни Европа иттифоқининг ташқи сиёсат ва хавфсизлик бўйича олий вакили Жозеп Боррел таклиф қилган эди. У Европа тинчлик фонди (EFF) ҳисобидан молиялаштирилади.
Яқин келажакда Украина олдиндан режалаштирилганидан ташқари қўшимча MARS II ялпи ўт очиш реактив тизимлари (ЯЎРТ) ва Panzerhaubitze 2000 ўзиюрар артиллерия мосламаларини олади.
Германия Мудофаа вазирлигининг Twitter'да хабар беришича, «яқин бир неча ҳафта ичида янада кўпроқ PzH 2000 ва MARS II Украинага топширилади».



