2023 йил 1 январдан “Е-патруль” тизими босқичма-босқич жорий этилади ва фуқаронинг шахсини аниқлаш учун ички ишлар бўлимига олиб бориш амалиётидан воз кечилади. Барча маълумотлар электрон текширилади ва патруль-пост ходими фаолияти “бодикамера”га тасвирга олинади.
Ходимлар қуйидаги ҳолларда фуқарони тўхтатиши ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар ёки “Е-патруль” тизими орқали уларнинг шахсини аниқлаши мумкин:
- шахс жиноят ёки ҳуқуқбузарлик содир этган ёхуд қидирувда деб гумон қилишга асос бўлса;
- шахсни содир этилган жиноят ёки ҳуқуқбузарлик ҳақида маълумотга эга деб ҳисоблаш мумкин бўлса;
- шахсни ушлаб туришга бошқа қонуний асослар бўлса.
Ходим шахсни тўхтатганда уни тўхтатганлик сабаблари ва асосларини тушунтириши шарт. Ёнида шахсини тасдиқловчи ҳужжати бўлмаган фуқаро қуйидаги ҳолларда ички ишлар органига олиб борилади:
- унинг шахсини планшет орқали аниқлаш имкони бўлмаганда;
- қидирувда бўлган ёки бедарак йўқолган шахслар аниқланганда;
- шахсига аниқлик киритиш жараёнида қаршилик кўрсатганда;
- жамоат жойида ҳуқуқбузарлик содир этиш вақтида ушланганда.



