Norma’нинг ёзишича, ҳужжат президентнинг "Миллатлараро муносабатлар соҳасида Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсати концепциясини тасдиқлаш тўғрисида" 2019 йил 15 ноябрдаги ПФ-5876-сон фармони ижроси юзасидан қабул қилинган.
Давлат органлари ва ташкилотлари, маҳаллий ижро ҳокимияти органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан миллатлараро муносабатлар соҳасида ўзаро ҳамкорлигини кучайтириш учун ҳужжат билан:
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги намунавий низом;
Туманлар (шаҳарлар) ҳокимликлари ҳузуридаги Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича жамоатчилик кенгашлари тўғрисидаги намунавий низом;
Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари ҳузуридаги Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича жамоатчилик кенгашларининг намунавий таркиби;
Туманлар (шаҳар) ҳокимликлари ҳузуридаги Миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни таъминлаш бўйича жамоатчилик кенгашларининг намунавий таркиби тасдиқланди.
Қуйидагилар жамоатчилик кенгашларининг асосий вазифалари ҳисобланади:
- турли миллат вакиллари яшаётган ҳудудлар аҳолисининг маиший ва ижтимоий-иқтисодий муаммоларини ҳар чоракда муҳокама қилиш ва ҳамкорликда ҳал этишни ташкил қилиш ҳамда мониторингини олиб бориш;
- миллатлараро ихтилофлар ва можароларнинг барвақт олдини олиш ва профилактика қилиш;
- миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат органлари билан фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик ва ижтимоий шериклик механизмларини такомиллаштириш бўйича таклифлар бериш;
- миллатлараро муносабатлар соҳасида давлат сиёсати амалга оширилиши учун масъул бўлган давлат органлари фаолияти бўйича жамоатчилик назоратини кучайтириш.
Ҳужжат 18.11.2020 йилдан кучга кирди.


