Грузия миллий музейи хабарида қадимги шаҳарда топилган каркидоннинг тиш эмалидан 1,77 млн йиллик муҳим генетик маълумот олингани маълум қилинган. 

“Бу ҳайвонлар қолдиқларидан олинган дунёдаги энг қадимий ДНКдир. У бунгача Канаданинг Укон оролида топилган отдан олинган 700 минг йиллик ДНКдан миллион йилга қадимийроқдир”, дейилган хабарда.

Олимларнинг айтишича, “бу топилма қадимий биомолекуляр тадқиқотлардаги кашфиётдир”. У бугунгача мумкин бўлгандан кўра анча эрта даврларнинг эволюцион суратини тиклашга ҳамда ҳайвонлар ва инсонларнинг аждодлари тарихини ўрганишга имкон беради.

Дманиси қўҳна шаҳар бўлиб, унинг ҳудудида археологик қазилмалар 1930-йиллардан бошланган. У ерда турли давлатлар археологлари иш олиб боради.