Қайд этилишича, Орол денгизининг суви қуриши натижасида охирги йилларда экологик муҳит ва табиий мувозанат бузилиб, иқлим салбий томонга ўзгариб бормоқда. Ушбу ҳудудлардан заҳарли қум, туз ва чангларни ҳавога кўтарилиши ва атроф муҳитга ёғилиши натижасида Оролбўйи минтақасидаги аҳолига, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига жиддий зарар етмоқда. Қишлоқ хўжалиги экинлари, боғ ва токзорлар экилган ерларда иккиламчи шўрланишлар кучайиб, ҳосилдорликка салбий таъсири кузатилмоқда.

Ушбу экологик талофатнинг зудлик билан олдини олиш чоралари кўрилмаса, натижаси салбий ва ҳисоблаб бўлмайдиган даражада экологик, ижтимоий ва иқтисодий зарарларга сабаб бўлади.

Орол денгизининг суви қуриган тубидан кўтарилаётган заҳарли қум, туз ва чанг заррачаларининг салбий таъсирини камайтириш, ушбу ҳудудларда чўл ўсимликларидан “Яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этишни самарали ташкил этиш, қум кўчиши ва ҳавога чанг-туз кўтарилишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг Орол денгизи суви қуриган тубида “Яшил қопламалар” – ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш тўғрисидаги таклифига розилик берилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Ер ресурслари, геодезия, картография ва давлат кадастри давлат қўмитаси, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси билан биргаликда “Яшил қопламалар” барпо этиладиган ер майдонларини хатловдан ўтказиб, ўрмон хўжаликларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратиб бериш чорасини кўради.

“Яшил қопламалар” барпо этиш учун Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тизимидаги:

“Ўрмонқурилиш” давлат унитар корхонаси – буюртмачи;

“Ўрмонлойиҳа” давлат унитар корхонаси республикада ўрмон тузиш ва ўрмон барпо этиш бўйича ягона лойиҳа ташкилоти эканлигини инобатга олиб – бош лойиҳачи;

ўрмон хўжаликлари – пудрат ташкилоти этиб белгиланади.

Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси:

а) “Ўрмонқурилиш” ДУК томонидан “Яшил қопламалар” барпо этиладиган ҳудудларни ўрмон хўжаликларининг имкониятидан келиб чиқиб бириктириш, “Яшил қопламалар” амалга ошириладиган ҳудудларда иҳота ўрмонзорларини ўз муддатида ва сифатли барпо этилишини назорат қилинишини;

б) “Ўрмонлойиҳа” ДУК томонидан:

ўрмон хўжаликларига доимий эгалик қилиш ҳуқуқи асосида ажратиб берилган майдонларда лойиҳа қидирув ишларини ўтказилиши, ўрмон барпо қилишга яроқли ер майдонларини аниқлаш ва ҳимоя ўрмонзорлари барпо этиш бўйича схемаси ишлаб чиқилиши;

схемага асосан ўрмон барпо этиш усулларини, ҳар бир ўрмон хўжалиги бўйича ўрмон барпо этишга зарур бўладиган техника, хом ашё ва иш бажариш смета харажатларини аниқ ҳисоб-китоби ишлаб чиқилиши;

схемага асосан ҳар бир ўрмон хўжалиги бўйича замонавий технологияларни қўллаган ҳолда ўрмон барпо этиш бўйича Ишчи лойиҳаларининг ишлаб чиқилиши, шу жумладан 2019 йил учун 10 февралгача, кейинги йилларда жорий йилнинг 1 сентябригача ишлаб чиқилиши;

ўрмон барпо этиш ишларига лойиҳани бажарилиши бўйича муаллифлик назоратини ўтказилишини таъминлайди.

Ўзбекистон Республикаси бош вазирининг ўринбосарлари Ж.А. Қўчқоров, С.Р. Холмуродов:

а) Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида 2019-2021 йилларда жами 1,5 млн гектар майдонда “Яшил қопламалар” барпо этишни ташкил этади;

б) Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги билан биргаликда:

2019-2021 йилларда Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджетининг параметрларини шакллантиришда Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида ўрмон экиш ишларини амалга ошириш учун Қорақалпоғистон Республикаси ўрмон хўжаликларига қўшимча 460 нафар ходим жалб этиш, “Яшил қопламалар” барпо этиш, 2019 йилнинг 1 апрелига қадар (кейинги йилларда заруриятдан келиб чиқиб) талаб этиладиган техника ва махсус жиҳозлар харид қилиш, Орол денгизининг суви қуриган ҳудудида ўрмон экиш ишларини амалга оширадиган ўрмон хўжаликларининг ходим ва ишчилари меҳнатига ҳақ тўлаш тартибига асосан иш ҳақи харажатлари назарда тутилишини таъминлайди.

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши билан биргаликда 2019-2021 йилларда Қорақалпоғистон Республикаси маҳаллий бюджетининг прогнозга нисбатан ошириб бажарилган қисми ҳисобидан “Яшил қопламалар” барпо этишни молиялаштириш;

в) Иқтисодиёт вазирлиги ва “Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти билан биргаликда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг ҳисоб-китобларига асосан талаб этиладиган ёқилғи мойлаш маҳсулотларини қишлоқ хўжалиги корхоналари учун белгиланган имтиёзли нархларда шартнома асосида етказиб берилиши;

г) Инвестициялар бўйича давлат қўмитаси билан биргаликда 2019-2021 йилларда халқаро молия институтлари ва донор ташкилотлари грант маблағларини жалб этиш чораларини кўради.

“Ўзбекнефтгаз” акциядорлик жамияти 2019 йилда “Яшил қопламалар” барпо этиш учун йил давомида босқичма-босқич 100 млрд. сўм маблағ ажратилишини таъминлайди.