Безгакка қарши кураш, касалликни камайтириш бўйича кенг миқёсдаги олиб борилган ишлар, безгак элиминацияси – 2011 йилдан буён маҳаллий безгак қайд этилмаганлиги, охирги йилларда фақатгина четдан келтирилган якка ҳолатлар қайд этилиши натижасида республиканинг сертификат олишига эришилди.

Республикада безгак элиминацияси бўйича эришилган муваффақиятларни ҳисобга олган ҳолда, Вазирлар Маҳкамасининг 25.01.2016 йилдаги 14/10-5-сонли қарорига кўра, мамлакатнинг барча ҳудудларида безгакни элиминациясига халқаро сертификат олиш учун тайёргарлик кўрилди.

2016 йилдан 2018 йилгача бўлган даврда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг қўллаб-қувватлаши натижасида, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан кенг қамровли ишлар олиб борилди, безгак элиминацияси бўйича Миллий маъруза тайёрланди, 2017-2021 йилларда безгакни қайта тикланишини олдини олиш чора-тадбирлари бўйича Дастур ва режа ишлаб чиқилди, 2006 йилдан ҳозиргача бўлган даврда безгакка қарши олиб борилган тадбирлар бўйича ҳужжатлар тўплами, безгак ҳолатлари ва ўчоқлари Миллий регистри тайёрланди, безгакни лаборатор ташхисоти бўйича референс лаборатория Халқаро сертификатга эга бўлди,  безгакни микроскопияси ва безгак сифатини ташқи назорати бўйича Стандарт операцион муолажалар (СОМ) ишлаб чиқилди ва амалиётга татбиқ этилди, яна бир қатор ишлар олиб борилди.  

Безгак элиминациясига сертификат олиш, 2017-2021 йилларда безгакни қайта тикланишини олдини олиш чора-тадбирлари бўйича Дастур асосида, бошқа вазирлик ва ташкилотларнинг кўмагида, мамлакатда эришилган барқарорликни сақлаб қолиш борасида чора-тадбирлар мажмуасини давом эттиришни англатади.