Андижон вилоятига ажратилган майдондан ўрин олган Алишер Навоий номидаги маданият ва истироҳат боғининг кириш арки, Заҳириддин Муҳаммад Бобур номидаги миллий боғ, Регистон майдони, Асакадаги “Чўнтак” чойхонаси, чойнак пиёла сингари рамзларнинг ўрнатилиши бир кўришдаёқ унинг Андижонга тегишли эканлигини акс эттирган.

 

Мамлакатимизда илк бор ўтказилаётган санъат анжуманида вилоятдан 150 га яқин мақомчилар, миллий урф одат анъаналаримиздан лапар, катта ашула, ўлан ижрочилари, Андижон полкаси раққос йигитлари, аскиячилар, карнай сурнайчилар, созандалар, раққосалар, ҳунармандлар, ошпазлар, дорбозлар ва бошқалар иштирок этмоқда.

         

Фарғона вилояти маданият бошқармаси қошидаги мақом ансамбли 36 нафар хонанда ва созандадан иборат гуруҳ билан  ташриф буюрган. Ансамбль дастуридан азалдан устозлар томонидан ижро этилиб келган ашулалар, ҳамда “Сараҳбори Бузрук” мақомидан “Насруллои тароналари”, шунингдек водийга ҳос “Тановар”лар ўрин олган. Шу билан биргаликда “Сараҳбори наво” тароналари ҳам ижро этилмоқда. Анжуманга ансамблдан ташқари ҳунармандлар ҳам ташриф буюрган.

“Халқаро мақом санъати анжумани”да Наманган вилоятидан ҳам мақом усталари иштирок этмоқда. Бундан ташқари ҳудуднинг ўзига ҳос жиҳатлари жамулжам бўлган майдон безатилган.

                                                                                                                                                                                                                         Ахрорбек Ёқубжонов