Ажратиладиган субсидиялар миқдорлари хусусий болалар боғчасининг бир нафар тарбияланувчисига (9 ва 10,5 соатлик иш режимидаги) сарфланадиган харажатлар суммасининг қуйидаги миқдорларида белгиланади:
 
• Тошкентда – 30%;
• Нукус шаҳри ҳамда вилоят марказларида – 40%;
• қолган ҳудудларда – 50%.
 
Бир нафар тарбияланувчи учун сарфланадиган харажатлар миқдори Молия вазирлиги ва МТВ томонидан аниқланади. Таълим муассасаси МТВ билан ДХШ тўғрисида келишув имзолагандан сўнг, субсидия олиш учун ҳудудий молия органига ариза билан мурожаат қилиши керак.
 
Аризага қуйидаги маълумотлар илова қилинади:

• юридик шахснинг номи, почта манзили ва ташкилий-ҳуқуқий шакли, банкдаги ҳисоб рақамлар реквизитлари;
• ДХШ келишуви нусхаси;
• таълим муассасасининг қуввати, фаолиятининг бошланиш санаси ва ота-оналар тўлови тўғрисидаги маълумотнома. 

Молия органи аризани 5 иш куни мобайнида кўриб чиқади ва уни қаноатлантириш ёки рад этиш тўғрисида қарор қабул қилади, бу ҳақда аризачини ёзма ёки электрон шаклда хабардор қилади.
 
Субсидиялар ажратиш даври хусусий шерик билан МТВ ўртасида субсидияларни ажратиш тўғрисида тузилган битимда кўрсатилади.
 
Ижобий қарор қабул қилинган тақдирда хусусий шерик молия бўлимига ҳар ойнинг 5-санасига қадар ўтган ойда болалар боғчасига ҳақиқатда қатнаган болалар сони тўғрисида маълумотни, шунингдек ота-оналар томонидан тўланган тўлов ҳужжатларини илова қилган ҳолда субсидиялар олиш учун буюртманомани тақдим этади.  
 
Ҳудудий молия бўлими тақдим этилган барча буюртманомаларни умумлаштириб, реестр тузади ва уни ҳисобот ойидан кейинги ойнинг 10-санасигача тегишли ғазначилик бўлинмасига тўловни амалга ошириш учун тақдим этади.
 
Ҳужжат 22.05.2018 йилдан кучга кирди.