Қайд этилишича, бундай қарор «ботаника ва зоология соҳасидаги илмий тадқиқотларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш, республика ўсимлик ва ҳайвонот олами биохилма-хиллигини сақлаш, замонавий фан ва иқтисодиёт тармоқларининг талабларидан келиб чиққан ҳолда ботаника ва зоологиянинг алоҳида йўналишларини ривожлантириш, шунингдек, ўсимлик ва ҳайвонот оламини ўрганиш ҳамда муҳофаза қилиш борасидаги махсус вазифалар ечимини тезлаштириш мақсадида» қабул қилинди.
Қарорга мувофиқ, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Генетика ва ўсимликлар экспериментал биологияси институтининг «Ғўза систематикаси ва интродукцияси» лабораторияси, «Ғўза генофонди» ноёб объекти ва иссиқхона комплекси Ботаника институти тасарруфига ўтказилди.
Таъкидланишича, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси ҳамда Фан ва технологиялар агентлиги бир ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг тугатилаётган Ботаника ва зоология институтининг илмий-техник лойиҳалари, асбоб-ускуналари, моддий бойликлари ва бошқа мол-мулклари, жумладан, авторанспорт воситалари ва ёқилғи-мойлаш материаллари лимитларининг инвентаризациясини ташкил этиб уларни Ботаника институти ва Зоология институтига ўтказади.

