23 июл куни куннинг иккинчи ярмиида Наманган вилояти Янгиқўрғон туманида дўл ёғди.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган фото ва видеоларда дўл кучли бўлгани, йўллар деярли оқ ранг билан қопланганини кўриш мумкин.
Ҳодиса вақтида йўлларда транспорт воситалари ҳаракатланиши қийинлашган, мевали дарахтларга зарар етган.
«Ўзгидромет» хабарига кўра, бу ҳодиса қўшни Қирғизистондан конвектив дўлли булут кириб келиши натижасида содир бўлган. Ҳудудда соат 12:29 дан 12:34 гача бўлган вақт оралиғида дўл ёғишини тўхтатиш ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини унинг салбий таъсиридан ҳимоя қилиш мақсадида 18 дона «Алазан-6» дўлга қарши воситаларидан фойдаланилгани маълум қилинди.

«Алазан-6» – бу қишлоқ хўжалиги экинлари, боғлар ва токзорларни кучли дўл ёғишидан ҳимоя қилиш учун мўлжалланган 82 мм калибрли махсус дўлга қарши ракета ҳисобланади. Бундай ракеталар дўл ҳосил қилувчи булутларнинг энг юқори қисмига учирилади. Улар булут ичида махсус реагент (кўпинча кумуш йодид) сепади. Бу жараён дўл доналари ўсишини тўхтатиб, уларни ёмғирга ёки майда, хавфсиз қор зарраларига айлантиради.
Наманган вилоятида бундан олдин ҳам дўлга қарши воситалар қўлланганди. Хусусан, 1, 11 ва 12 май кунлари жами 57 дона «Алазан-6» дўлга қарши воситаси қўлланиб, дўл жараёни заифлаштирилган.











