Бугун икки нафар дзюдочи, бир нафардан таэквондо, бокс ва сузиш спорти вакиллари мусобақаларда иштирок этади.
Соат 7:00да таэквондочиларнинг сўнгги вакили Светлана Осипова (+67 кг) медаллар учун курашади. Унинг илк рақиби қозоғистонлик Cансел Дениз бўлади.
Соат 7:00да дзюдо бўйича мусобақалар ҳам бошланади. Фарангиз Ҳожиева (-63 кг) кабо верделик Сандрин Биллетга қарши гиламга чиқади.
Эркак дзюдочилар жамоасида Шарофиддин Болтабоев (-81 кг) ҳам курашга киришади. Унга вануатулик Уго Кумбо рақиблик қилади. Дзюдо бўйича мусобақалар кун бўйи давом этади.
Соат 07:15да боксчилар жамоасидан Бобо-Усмон Ботуров (-69 кг) биринчи жангини ўтказади. Унинг илк босқичдаги рақиби доминиканлик Роҳан Поланко бўлади.
Соат 15:10да сузувчи Хуршиджон Турсунов 100 метрга эркин усулда сузиш бўйича саралаш баҳсларида қатнашади.
UPD: Об-ҳаво ноқулай келиши сабабли академик эшкак эшиш бўйича 29-30 июль кундаги мусобақалар 27 июлга кўчирилганди ва бугун соат 5:00да Собир Сафаралиев ва Шаҳбоз Холмирзаев чиқиш қилиши кутилганди. Аммо бу қарор бекор қилиниб, мусобақалар ўз вақтида ўтадиган бўлди.
Олимпиаданинг учинчи куни якунларига кўра, Ўзбекистон делегацияси 1 олтин медал билан 23-ўринда жойлашган. Бундан ташқари, беш нафар боксчи илк жангларида ғалабага эришиб, медаллар учун курашни давом эттирмоқда.












