Ҳусийлар қуролли кучлари ўз баёнотида Саудиянинг Яманга қарши қамалига жавобан «жиноятчи душманга нисбатан 'кўзга кўзʼ тамойилига асосланган денгиз эмбаргоси дарҳол кучга кириши»ни таъкидлаган.

2014 йилда Яман пойтахти Санони эгаллаб олган ушбу гуруҳ Саудия раҳбарларини деярли 12 йилдан бери «ноҳақ ва золимона қамал» ўрнатганликда, «портлари ва аэропортларига қуруқликдан, денгиздан ва ҳаводан ҳар томонлама блокада ўрнатганликда» айблади.

Ҳусийлар, шунингдек, «барча сценарийларга тўлиқ тайёр» эканликларини билдиришди ва Саудиянинг «ҳар қандай аҳмоқона» ҳаракатига «ҳар томонлама ва қатъий» жавоб берилиши ҳақида огоҳлантиришди.

2026-07-22 09.04.23
Фото: Reuters Ҳусийлар кучлари Санода
Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазирлиги бу айбловларни қоралади ва ўз кемаларини ҳимоя қилиш учун «барча зарур чоралар» кўрилишини билдирди.

Блокада ҳақидаги эълондан сўнг, Ямандаги Саудия бошчилигидаги коалиция ҳам ҳусийларга куч билан жавоб беришини билдирди. Шунингдек, Ҳўрмуз бўғози амалда ёпилгач, Саудия нефти экспорти учун асосий йўналишга айланган Боб ал-Мандаб бўғози орқали ҳаракатланаётган кемалар ҳимояси учун чораларни амалга оширишни бошланган.

Ушбу эълон ҳусийлар Сано аэропортига қилинган ҳужумда Саудия Арабистонини айблаганидан бир неча кун ўтиб пайдо бўлди. Ваҳоланки, Яманнинг халқаро миқёсда тан олинган ҳукумати Эрон самолётининг пойтахтга қўнишига йўл қўймаслик мақсадида ушбу ҳужум учун масъулиятни ўз зиммасига олган эди.

2026-07-22 09.07.04
Фото: AP Photo
Шу билан бирга ушбу кескинлашув – АҚШ ҳарбийлари учун урушнинг энг кўп талафот келтирган даврларидан биридан сўнг юз бермоқда.

Ҳусийлар бу баёнотни Теҳрон ва Вашингтон ўртасида ҳужумлар занжирини тўхтатиш учун дипломатияни қайта тиклаш белгилари пайдо бўлганига қарамай беришди. Эрон Ташқи ишлар вазирлиги шу кунларда воситачилар Теҳронга «таклифлар» тақдим этганини маълум қилганди. Улар дипломатик алоқалар фаол эканини билдирди, аммо тафсилотларни очиқламади.

Reutersʼнинг ёзишича, ҳусийлар баёнотидан сўнг нефть нархи бироз кўтарилди, аммо кейинчалик дипломатик музокаралар умидида нархлар қайта тушди. Савдо кемалари учун хавфлар ортгани сабабли Қизил денгиз орқали юк ташишни суғурталаш харажатлари эса ошди.

Олдинроқ Эрон, агар АҚШ Эроннинг энергетика инфратузилмасига ҳужум қилишда давом этса, ҳусийлардан Қизил денгизга чиқиш дарвозаси – Боб ал-Мандабни ёпишни сўраётганди.

Боб ал-Мандаб қанчалик муҳим?

Боб ал-Мандаб — Қизил денгизни Адан кўрфази билан боғлайдиган тор сув йўли бўлиб, у орқали Саудия нефть экспорти ва жаҳон юк ташувларининг салмоқли қисми ўтади.

Шимоли-шарқда Яман ҳамда жануби-ғарбда Жибути ва Эритрея ўртасида жойлашган бўғознинг энг тор жойи бор-йўғи 29 км кенгликка эга.

2026-07-22 09.10.01
Фото: Kun.uz / Yandex Maps орқали
2024 йилда бўғоз орқали тахминан 4,1 миллиард баррель хом нефть ва қайта ишланган нефть маҳсулотлари ўтган — бу жаҳон умумий ҳажмининг тахминан 5 фоизини ташкил этади.

Ҳўрмуз бўғозидаги бир неча ойлик узилишлардан сўнг Боб ал-Мандабда ҳар қандай жиддий тўсқинлик юзага келиши – минтақадаги иккала асосий нефть экспорти йўлагининг бир вақтда ёпилиши хавфини оширади.

Боб ал-Мандаб бўғозининг тўлиқ ёпилиши Саудия Арабистонининг Осиёга нефть экспортини тўхтатади ва жаҳон нефть етказиб бериш ҳажмини 7 фоизга камайтириши мумкин. Ҳўрмузнинг ёпилиши туфайли аллақачон дунё таъминотининг 10 фоизини қисқарган.

Ҳусийлар Боб ал-Мандаб орқали жаҳон савдосини издан чиқара олишларини аллақачон кўрсатиб бўлишган. 2023 йил октябрь ойида Ғазо уруши бошланганидан кейин ҳусийлар фаластинликлар билан ҳамжиҳатлик белгиси сифатида Исроилга алоқадор кемаларни нишонга олиб, Қизил денгиздаги тижорат кемаларига ҳужумлар уюштирганди.

Ушбу ҳаракатлар йирик юк ташиш компанияларини кемалар йўналишини Жанубий Африка атрофидан айлантириб ўтказишга мажбур қилди. Бу эса транспорт харажатларини оширди ҳамда АҚШ, Буюк Британия ва Исроилнинг ҳаво зарбалари беришига, шунингдек, кемаларни ҳимоя қилиш бўйича кўпмиллатли денгиз миссиясининг йўлга қўйилишига сабаб бўлди.

Бу Саудия Арабистони учун нимани англатади?

АҚШ ва Исроилнинг Эронга қарши уруши ҳамда ундан кейинги Ҳўрмуз бўғозининг блокада қилинишидан бери қироллик муқобил экспорт йўлларини изламоқда.

Al Jazeera'нинг ёзишича, саудларнинг «Шарқ — Ғарб» қувури (Petroline) бу борада ечим бўлиб келаётган эди. Дастлаб 1980 йилларда қурилган ушбу қувур 1201 км узунликка эга. У Саудия шарқидаги Абқайқ нефть конидан ғарбдаги Қизил денгиз бўйида жойлашган Янбу порт шаҳригача чўзилган. Қувур кунига тахминан 7 миллион баррель нефть ҳайдайди.

2026-07-22 09.04.34

У ердан нефть танкерлари нефтни Боб ал-Мандаб орқали Осиёнинг йирик бозорларига ва бошқа ҳудудларга ташиб беради.

Кемаларни кузатиш маълумотларига таяниб Reutersʼнинг хабар қилишича, сўнгги ҳафталарда Янбудан нефть жўнатмалари кунига ўртача 4 миллион баррелни ташкил этган. Ваҳоланки, ўтган йили бу кўрсаткич кунига тахминан 973 минг баррель бўлганди.