Жамоатчилик муҳокамасига қўйилган Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси билан Ўзбекистон фуқароларининг хорижий мамлакатларга саёҳатларини тартибга солиш ва чиқиш туризми соҳасида уларнинг ҳуқуқларини кафолатлаш тизимини янада такомиллаштириш назарда тутилган.
Лойиҳага мувофиқ, Туризм қўмитаси ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлмаган «Хавфсиз туризм» жамғармаси ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Чиқиш туризми соҳасида фаолият юритувчи туроператорлар лицензия олиш учун ушбу жамғармага камида 50 минг АҚШ доллари эквивалентидаги маблағни захира қилиб қўйиши лозим бўлади.
Мазкур маблағлар туроператор ёки турагентнинг ҳаракати ёки ҳаракатсизлиги оқибатида туристларга етказилган моддий зарарни қоплаш, шунингдек, фавқулодда вазиятларда фуқароларни вақтинча жойлаштириш, эвакуация қилиш, репатриация қилиш ҳамда бошқа зарур харажатларни молиялаштириш учун йўналтирилади.
Лойиҳада, шунингдек, ҳар бир сотилган туристик маҳсулот бўйича мақсадли кафолат йиғимини жорий этиш таклиф қилинган. Унинг миқдори туристик маҳсулот сотилган кундаги базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,15 баравари этиб белгиланиши режалаштирилган. Бу йиғим туристик маҳсулот нархи таркибига киритилади ва туристдан алоҳида тўлов сифатида ундирилмайди.
Яна бир янгилик сифатида туркод тизимини жорий этиш таклиф этилмоқда. Миллий туризм платформаси орқали шакллантириладиган мазкур уникал электрон идентификация рақами туристик маҳсулот расмий рўйхатдан ўтгани, кафолат йиғими тўлангани ҳамда турист кафолатлаш тизимига киритилганини тасдиқлайди.
Лойиҳада чет эл туроператорларининг Ўзбекистон фуқаролари учун туристик пакетларни сотишига ҳам қўшимча талаблар белгиланган. Улар фақат лицензияга эга маҳаллий туроператор орқали ёки Ўзбекистонда ташкил этилган ва лицензия олган юридик шахси орқали фаолият юритиши мумкин бўлади. Шунингдек, турагентларга чет эл туроператорлари маҳсулотларини маҳаллий лицензияланган туроператор иштирокисиз тўғридан-тўғри сотиш тақиқланиши таклиф этилмоқда.


