Бош прокуратура ҳузуридаги департаментнинг Қарши тумани бўлими томонидан ўтказилган терговга қадар текширувда Қарши туманидаги «Янги Хонобод» маҳалла фуқаролар йиғинининг собиқ раиси К.Р. ва унинг ўғли И.Н.нинг қонунга зид ҳаракатлари аниқланган.
Текширув маълумотларига кўра, улар маҳаллага турли масалалар билан мурожаат қилган олти нафар фуқаронинг паспорт маълумотларидан фойдаланган. Шунингдек, уларнинг имзоларини сохталаштириб, онлайн савдо платформаси орқали турли маиший техника воситаларини расмийлаштирган.
Тергов талқинига кўра, харид қилинган маиший техникалар кейинчалик нақд пулга сотилган ва олинган 187,4 млн сўм ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборилган.
Мазкур ҳолат юзасидан гумонланувчиларга нисбатан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда ушбу иш бўйича тергов ҳаракатлари давом этмоқда.
