Бу чора-тадбирлар президентнинг 2026 йил 8 июлдаги «Сўх туманини 2026–2028 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, мавжуд захира ва имкониятларни ишга солиш орқали аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда тадбиркорликни жадал ривожлантиришга қаратилган чора-тадбирлар тўғрисида»ги ПҚ–258-сон қарорида белгиланган.
Қарорга мувофиқ, Сўх туманида Cessna-208 Caravan ва L-410 русумли ҳаво кемалари орқали мунтазам авиақатновлар ташкил этилади. Бу мақсадда учиш-қўниш майдони ва йўлагини кенгайтириш учун қўшимча 13 гектар ер майдони ажратилади.
Лойиҳа доирасида аҳоли эҳтиёжи юқори бўлган янги авиайўналишларни йўлга қўйиш ҳам режалаштирилган. Бу туман аҳолисининг мамлакатнинг бошқа ҳудудлари билан транспорт алоқасини яхшилашга хизмат қилади.
Шу билан бирга, Сўхдан бошқа шаҳар ва туманларга мунтазам жамоат транспорти қатновлари ташкил этилади. Бу аҳолининг ҳаракатланиш имкониятларини кенгайтириш ва транспорт хизматлари сифатини оширишга қаратилган.
Қарорга мувофиқ, чегара ўтказиш пунктларида рўйхатга олиш дарчалари сони ҳам икки бараварга кўпайтирилади. Натижада фуқароларнинг давлат чегарасидан ўтиш жараёни тезлашиб, улар учун янада қулай шарт-шароитлар яратилади.
Мазкур чора-тадбирлар Сўх туманининг транспорт-логистика салоҳиятини ошириш, аҳоли мобиллигини таъминлаш ва ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишини жадаллаштиришга хизмат қилиши кутилмоқда.



